Заковати даражаси билан ўз даврининг Леонардо да Винчиси деб ном олган – Никола Тесла.

Мисли кўрилмаган ихтиролари боис «келажак одами» деб эътироф этилган, ўзгарувчан ток ихтироси билан «дунёни ёритган даҳо» номига лойиқ кўрилган Никола Тесла.
Унинг ўзи ҳам «бугун учун эмас, келажак учун» ихтиролар қилишини таъкидлаганди. Тесланинг номига патентланган, инженерия соҳасини ўзгартирган ихтиролар 300тадан кўпроқни ташкил қилади.

ХХ асрнинг дунёга машҳур буюк олими ва кашфиётчиси Никола Тесла, 1856 йил 10 июл Смилян номли қишлоқда (ўша пайтда Австрия империяси, ҳозирги Хорватия ҳудуди) туғилган. Отаси маҳаллий руҳоний бўлиб, ўғли ўз йўлидан боришини истарди. Аммо Теслани бошқа нарса қизиқтирарди.
Электрни бошқариш фикри Теслада болаликданоқ бошланган.

Замонавий энергия таъминоти тизими, компрессор, саноат вентилятори, сув насоси, электрҳисоблагич, частотометр, рентген қурилмаси, автомобил спидометри, люминесцент лампалари, электрсоат, электротерапия ускуналарининг барчаси Тесланинг муаллифлик ишлари ҳисобланади.
Шунингдек, ихтирочи электродвигател асосида ҳаракатланувчи автомобиллар, дронлар, локомотив, буғ трубиналари устида ҳам ишлаган. Интернет ва замонавий гаджетларнинг пайдо бўлишини ўз илмий ишланмаларида тахмин қилган, робототехниканинг илк пойдеворини қўйган.

Тесла ихтироларининг синоати ҳозиргача олимларни ҳайратга солиб келади.

«Ҳали турмушимизнинг энг буюк сирларини ечишимиз керак. Ҳатто ўлим ҳам интиҳо бўлмаслиги мумкин». (Никола Тесла)